Янги таҳрирдаги Солиқ кодексига асосан жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиғи тўлаши учун белгиланган охирги муддат – 15 октябрга оз фурсат қолди. Солиқлар ушбу муддатда тўланмаган тақдирда 16 октябрдан бошлаб, ҳар бир кечиктирилган кун учун пеня ҳисобланади.
Тўловларни амалга ошириш учун солиқ органларига бориб, вақт ва харажат кетказишга ҳожат йўқ. Негаки, SOLIQ мобил иловаси хоҳлаган манзил, исталган пайтда тез ва осон тўлов қилиш имкониятини тақдим этади.
Мазкур мобил илова ёрдамида ер ва мол-мулк солиқлари суммаларини аниқлаш ва тўлаш ҳар томонлама қулай.
Хўш, бу қандай амалга оширилади?
Дастлаб мобил илованинг жисмоний шахслар бўлими танланади.
Навбатдаги қадам - рўйхатдан ўтиш. Жисмоний шахслар шахсий кабинетига электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёки жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақами (ПИНФЛ) орқали кириши мумкин. Шахсий идентификация рақамини эса фуқаролик паспортидан аниқласа бўлади.
Шундан сўнг мобил илованинг асосий ойнасида жисмоний шахсга ҳисобланган, у тўлаган ёки тўлаши зарур бўлган солиқлар автоматик тарзда шаклланади.
Фойдаланувчи ер ёки мол-мулк солиғини тўлаш учун ушбу ойнада шаклланган Менинг объектларим бўлимига объект манзилини киритиши керак. Шунда навбатдаги ойнада объект эгасининг исми-шарифи, СТИРи, объект коди, солиқ тури ва тўлов миқдори пайдо бўлади.
Тўлов суммаси аниқлангач, уни белгиланган сатрга киритиш талаб этилади. Тўловларни банк пластик карточкаси орқали амалга ошириш мумкин.
Тўловлар ҳолатини эса “Тўлов реестри” бўлимидан текшириш имкони мавжуд.
“SOLIQ” мобил иловаси GooglePlayда жойлаштирилган. Уни юклаб олиш учун Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтидаги ҳаволадан (https://play.google.com/store/apps/details?id=uz.soliq.mobile) фойдаланиш лозим. Яқин кунларда мобил иловани AppStore орқали юклаб олиш имконияти ҳам яратилади.
Шоҳрух АЛИМОВ,
“Янги технологиялар” илмий-ахборот марказининг Мобил иловалар ишлаб чиқиш бўлими бошлиғи