Карантин сабаб жорий этилган чекловлар одатий турмуш тарзимизга жуда кўп ўзгаришлар киритмоқда. Айниқса, уйда қолиш мажбуриятига мослашиш, кўникиш ҳеч ким учун осон кечаётгани йўқ. Аммо мазкур синовли давр бизга кўплаб ижобий жиҳатларни тақдим этаётгани ҳам бор гап. Масалан, карантин ва изоляция сабаб барча соҳалар масофадан ишлашга, онлайн мулоқот платформасига жадал ўта бошлади. Натижада ҳар қандай даражадаги масалаларни масофадан ҳал этиш тобора оддий ва одатий ҳолга айланмоқда.
“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази ҳам карантин даврида ўз номи ва мақсадларига мос тарзда ишлашда давом этди: барча зарур юмушларни масофавий бажариш учун солиқ тўловчилар олдида турган саволларга ечим топди, янгиликлар сони ва сифатини оширди, қулайликлар қамровини янада кенгайтирди.
Мисол учун, Марказнинг “SOLIQ” мобил иловаси карантин даврида солиқ тўловчиларни ортиқча вақт, куч ва харажат сарфидан халос этаётгани айни ҳақиқат. Ахир уйдан чиқмасдан мобил илова орқали солиқ тўловларини саноқли дақиқаларда амалга оширишга нима етсин!
Мазкур мобил илова ёрдамида жисмоний шахслар ер ва мол-мулк солиқлари суммаларини аниқлаши ва тўлаши мумкин. Тўловлар банк пластик карточкаси орқали амалга оширилади. Мобил иловадан иш ҳақи тўғрисида маълумотларни олиш, СТИРни аниқлаш ҳам осон. Солиқни тўлаш, тўлов топшириқнома яратиш ва унинг ҳолати билан танишиш имконияти эса якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслар учун бирдай фойдали бўлаётгани шубҳасиз. Мобил илова, шунингдек, шахсий ҳисобварақ маълумотлари – ҳисобланган, тўланган солиқлар, қарздорлик ёки вақтида тўланмаган қарздорлик учун устамалардан хабардор бўлишда қўл келмоқда.
Карантин даврида электрон рақамли имзо билан боғлиқ кўплаб масалалар ҳам сўроқ остида қолаётган эди. Сабаби Давлат хизматлари маркази томонидан жисмоний ва юридик шахсларга берилган электрон рақамли имзо сертификатининг амал қилиш муддати тугаши турли давлат хизматларидан уйдан туриб фойдаланишни чеклаши тайин.
Ҳозирги шароитда янги электрон калит олиш учун ДХМга бориш қаёқда дейсиз?! Иш ва бизнес жараёнларини тўхтаб туриш эса муаммолар сонини ошириш билан тенг. Хўш, унда нима қилиш керак? Бу савол электрон рақамли имзо фойдаланувчиларини узоқ ўйлантирмади.
“Янги технологиялар” маркази бу масаланинг ҳам оқилона йўлини тақдим этди: электрон рақамли имзо калитини интернет орқали реал вақт режимида олиш имконияти ишга туширилди. Унга кўра, Давлат хизматлари марказига бормасдан, e-imzo.uz сайти орқали электрон рақамли имзо калити муддатини уйдан туриб янгилаш йўлга қўйилди.
Марказ айни йўналишда солиқ тўловчилар учун қулайлик ва енгиллик яратишда яна давом этди. Пировардида Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат хизматлари маркази томонидан жисмоний ва юридик шахсларга электрон рақамли имзо калити ва сертификатини махсус ахборот ресурси орқали бериш механизмини жорий қилди. Бунда ушбу давлат хизматидан мурожаат этувчи ҳали электрон рақамли имзо сертификатига эга бўлмаган ҳолларда ҳам фойдаланиши мумкин. (https://e-imzo.uz/#instructions)
Яқинда Давлат солиқ қўмитаси томонидан карантин даврида корхоналари ишини енгиллаштириш ва узлуксиз фаолият юритиши учун мақбул шароитлар яратиш мақсадида йирик солиқ тўловчиларнинг транспорт воситаларига махсус рухсат берувчи стикерлар берилиши маълум қилинди. Йирик солиқ тўловчилар “Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази томонидан қисқа муддат ичида ишлаб чиқилган интрактив хизматдан фойдаланган ҳолда ушбу рухсат берувчи ҳужжатни олиш имкониятига эга бўлди (https://my.soliq.uz).
Марказнинг “Секторбай” ишлаш тизими ҳам айни керакли ва зарур вақтда иш бошлаган муҳим лойиҳалардан бири бўлди. Ушбу янги тизим тадбиркорларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларни қизиқтирган саволларга тезкор ва аниқ жавоб бериш мақсадида ишлаб чиқилди. Пандемиянинг нафақат ижтимоий, балки иқтисодий хафви ҳам жиддий хавотирлар сабаб бўлаётган айни чоғда бундай қўллаб-қуввватлаш қанчалик аҳамиятли бўлаётганини изоҳлашга ҳожат йўқ.
Тизимдан фойдаланиш содда ва тушунарли: телеграмда @SektorUzbot орқали сектор хизматларига уланиш мумкин. Тадбиркорлик субъекти ушбу бот ёрдамида ўз ҳудудидаги сектор раҳбарига мурожаат йўллаши мумкин. Мурожаатлар тўғридан-тўғри порталга бориб тушади. Бу ерда эса мурожаатлар автоматик шаклда тақсимланади. Сектор раҳбарлари ўзининг логин пароли билан кирганида уларга тақсимланган барча мурожаатларни кўриши мумкин ва керакли ташкилотларга маълумот бериш имкони бўлади. Керакли ташкилотлар бу муаммоларни ўрганиб, ҳал қилганидан кейин порталга мазкур муаммони қандай ечгани ҳақида жавоб киритади. Умумий назоратни туман ҳокимининг биринчи ўринбосари амалга оширади.
Айни кунда тизим билан республикамизнинг барча ҳудудлари қамраб олинган. Мурожаатларни кўриб чиқиш муддати 3 иш куни этиб белгиланган. Янги ишлаб чиқилган мазкур тизим Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги сектор ва ташкилот раҳбарлари томонидан юритилади.
Бу қанчалик самара беряпти? Биргина мисол: хизмат дастлаб Боёвут ва Тўрақўрғон туманида ишга туширилганида бир ҳафтада 300 дан ортиқ мурожаат келиб тушди. Шундан 90 фоизи бир кунда ҳал этилди. Хулоса ўзингиздан.
Яна бир махсус хизмат – Интернет-компанияларнинг ҚҚС-офиси – http://tax.uz ҳам карантин даврида муҳим лойиҳалардан бири бўлди. Хўш, ушбу янги хизмат нимаси билан аҳамиятли? Гап шундаки, Солиқ кодексига мувофиқ, жорий йилдан бошлаб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жисмоний шахсларга хизматларни электрон шаклда тақдим этадиган хорижий компаниялари учун қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) тўлаш жорий этилди. Интернет-компанияларнинг ҚҚС-офиси айнан шу тоифадаги компанияларни рўйхатга олишга хизмат қилади.
Бугунги кунга қадар ҚҚС-офис орқали Ўзбекистонда 9 та хорижий компаниялар ихтиёрий солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтди. ҚҚС бўйича биринчи тўлов «Google Commerce Limited» компанияси томонидан амалга оширилди. Компания жорий йилнинг I-чораги якунларига кўра, давлат бюджетига 85 минг евро миқдорида маблағ тўлади. Давлат солиқ қўмитасига ҚҚС-офиси орқали рўйхатдан ўтиш учун хорижий компаниялардан аризалар келиб тушиши давом этмоқда. Демак, бу масалада давлат бюджетига келиб тушадиган маблағлар миқдори ортиб боришига ишонч ва асослар етарли.
Хуллас, пандемия сабаб юзага келган вазият ана шундай яхши ва янги имкониятлар салмоғини оширди, онлайн хизматлар ривожини тезлаштирди. Албатта, карантин даври яна қачонгача давом этиши ҳозирча номаълум, лекин шуниси аниқки, энди Ўзбекистон, сиз ва биз, ҳаётимиз кечагидай бўлмайди - рақамли технологияларга эътиборимиз, эҳтиёжимиз тобора ортиб бораверади. Замонавий дунёнинг асосий талаби, барқарор ривожланишнинг муҳим шарти ҳам шу аслида. “Янги технологиялар” маркази ана шу тараққиёт тенденциясининг энг фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлишда қатъий давом этади.
“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази
Жамоатчилик билан алоқалар хизмати