Икки ойдан ортиқ вақтдан буён барча хўжалик юритувчи субъектлар учун ҳисобварақ-фактураларни электрон расмийлаштириш тизими тўлиқ жорий этилмоқда. Унга кўра, ЭҲФ товар-транспорт юкхатлари ва товар-моддий бойликларни олиш учун ишончнома вазифаcини ўтаяпти. Жорий йилнинг шу даврига қадар ушбу тизимдан фойдаланувчилар сони 145 мингдан ортди.

ЭҲФни кенг қўллашдан катта мақсадлар кўзланган: қоғозбозликни камайтириш, харажатларни қисқартириш, вақтни тежаш каби. Хўш, амалда бунга қай даражада эришилмоқда? Янги тизим тадбиркорлик субъектларига кутилганидек енгиллик бера олаяптими?
Бу ҳақда фойдаланувчилар нима дейди?
— Қоғоз шаклидаги ҳисобварақ-фактура тизимида ишлаган пайтимиз харажатларимиз кўп эди, анча вақт ҳам йўқотар эдик, — дейди “Қоракўлдон маҳсулотлари” акциядорлик жамияти ҳисобчиси Латифжон Вафоев. — Масалан, биргина ҳисобварақ-фактура расмийлаштириш учун, дейлик, 2 дона қоғозга 228 сўмлик харажат қилардик. Ҳисобварақ-фактурани керакли манзилга етказиш ва олиб келиш учун ҳеч бўлмаганда 2 800 сўм йўл ҳақи сарфланар эди. Шу иш учун ходимга ҳар куни энг камида кунига 4000 сўм иш ҳақи ҳисобланган. Хуллас, бир дона ҳисобварақ фактурани расмийлаштириш учун жами 7 028 сўм минимал харажат қилишга тўғри келар эди. Ҳозир буларнинг бари ўзгарди. ЭҲФни шакллантириш ва уни ҳатто энг узоқ ҳамкорларга юбориш учун бир неча дақиқа етарли бўляпти. Курьерга мутлақо эҳтиёж қолмади, ҳатто қоғозга ҳам. Ҳаммаси электрон шаклда тез ва осон ҳал бўляпти. Харажатларга келсак, бугунги кунда расмий ЭҲФ операторлари ҳар бир электрон ҳисобварақ-фактура учун ўртача 300 сўмдан 700 сўмгача нарх белгилаган. Ҳисоб-китоб қилсак, ҳар бир ҳисобварақ-фактурани электрон шаклда расмийлаштириш орқали 6378 сўм миқдордаги маблағни тежашга эришаяпмиз. Бир ойда 10 мингта ҳисобварақ-фактура шакллантирилса, ўрта ҳисобда 63 780 000 сўм иқтисод қилиш дегани бу.
— Аввал ҳар бир ҳисобварақ фактурани қоғозда йиғиб боришга мажбур эдик, — дейди “Илм шуъласи канцелярия моллари савдо комплекси” ҳисобчиси Ирода Калдибаева. — Бу албатта, маълум бир харажатларни талаб этарди. Энг ёмони, бундай ҳолатда ҳужжатни узоқ муддат ишончли ва хавфсиз сақлашга ҳеч қандай кафолат йўқ эди. ЭҲФни эса қоғозда йиғиб бориш шарт эмас. Негаки, улар роуминг операторида 10 йил, ЭҲФ тизими операторларида эса 5 йил давомида хавфсиз сақланади. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, ЭҲФ тизими операторлари 24/7 режимида ишламоқда. Бу исталган вақтда зарур ҳужжатларни керакли манзилга ҳеч бир муаммосиз юбориш имконини беряпти.
Кўп берилаётган саволларга жавоб
Юқорида таъкидлаганимиздек, мамлакатимизда ЭҲФ тизимига тўлиқ ўтилаётганига кўп вақт бўлгани йўқ. Шу сабабли янги тизимдан фойдаланишда ҳануз саволлар туғиляпти, кези келганда айрим тушунмовчиликлар юзага келяпти.
Мана, масалан, йирик корхоналарда ЭҲФни корхона раҳбари ёки бош ҳисобчиси томонидан эмас, ишонч билдирилган жисмоний шахс жўнатиш ва қабул қилиш имконияти борми, деган саволга кўп дуч келяпмиз. Ҳа, бундай имконият бор. Аниқроқ айтадиган бўлсак, оператор сайти орқали ишонч билдирилган жисмоний шахсларга электрон рақамли имзо билан кириш имконияти яратилган. Корхона ЭҲФ операторига ўз дастурида ходимларга “роль” яратиб бериши мумкин. Яъни, қайси ходим тизимда қандай ишга масъул экани белгилаб берилади.
Шакллантирилган ва жўнатилган электрон ҳисобварақ-фактураларга тузатиш киритишнинг имкони бор ёки йўқлиги ҳам аксарият хўжалик юритувчи субъектлар вакилларини қизиқтиряпти. Сотувчи томонидан юборилган, аммо харидор тасдиқламаган ЭҲФни сотувчининг ўзи бир томонлама бекор қилиши мумкин. Харидор томонидан тасдиқланган бўлса, янги таҳрирдаги Солиқ кодексида назарда тутилган тартибда қўшимча ёки тузатилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этади.
Қачон ва қай манзилда бўлишдан қатъий назар смартфон орқали электрон ҳисобварақ–фактураларни имзолаш, юбориш ва қабул қилиш мумкин. Марказимиз томонидан ишлаб чиқилган E-factura мобил иловаси ана шундай қулай ва тезкор хизматни тақдим этади.
Мазкур мобил илова ёрдамида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига кириш, келган электрон ҳисобварақ фактураларни кўриш, уларни электрон рақамли имзо билан тасдиқлаш, шунингдек, эслатма ва хабарномалар олиш имконияти мавжуд.
Ушбу илова АррStore ва GooglePlay да жойлаштирилган бўлиб, уни юклаб олиш учун Давлат солиқ қўмитасининг расмий сайтидаги ҳаволадан фойдаланиш мумкин. Мобил илова ўзбек ва рус тилларида ишлаб чиқилган.
Тадбиркорлик субъектларида тизим билан боғлиқ қандайдир савол ёки тушунмовчиликлар юзага келса, Марказимизнинг info@rouming.uz ёки https://rouming.uz/contacts электрон манзилларига мурожаат йўллаш имкони бор. Мурожаатда кўрсатилган масалаларга мутахассисларимиз томонидан аниқ ва батафсил жавоб қайтарилади.
Шунингдек, Марказимизнинг rouming.uz сайтида электрон ҳисобварақ-фактурани жорий этишга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, тизимга доир янгиликлар, савол-жавоблар, қўлланмалар ва бошқа зарур, фойдали материаллар билан яқиндан танишиш мумкин.
Абдукарим ЭШБОЕВ,
“Янги технологиялар” илмий-ахборот маркази етакчи мутахассиси